Ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ёнғин-қутқарув бўлинмалари ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ёнғин-қутқарув бўлинмалари туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлиги мустаҳкамлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш, авария-қутқарув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган ҳарбий хизматчи ёки қутқарувчи мақомига эга бўлган ходимлар ва ишчи-хизматчилар билан жамланган бўлинмаларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда, шунингдек, аҳолиси 50 минг ва ундан зиёд бўлган шаҳарлар ҳамда туманларнинг марказларида ташкил этилади.

Ташкил этилаётган ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг ташкилий-штат бирликлари, уларни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчи мақомига эга бўлган ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари қолган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилади.

Ёнғин-қутқарув бўлинма (отряд, қисм ва пост)лари ва уларнинг штатлари сони муҳофаза қилинаётган ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиқиб, ёнғин ўчириш, қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларнинг сонини ва турини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида белгиланади.

Қутқарувчи мақомига эга бўлган ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари ташкил этилиши лозим бўлган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг рўйхати ва ходимлари (хизматчилари) сони Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланади (йилига бир марта 1 июлгача).

Туманлар ва шаҳарлар рўйхати, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи ёки қутқарувчи мақомига эга бўлган ходимлар ва ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари сони ва штатдаги ходимлар сони, амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади ва ўрнатилган тартибда тасдиқланади.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган ёнғин-қутқарув бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг штатлар сонини белгилайдиган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда, манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари вакилларидан иборат таркибдаги идоралараро комиссияларининг далолатномалари ҳамда ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этилади.

Асосланган ҳолатларда айрим ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ёнғин хавфсизлиги бошқарма (марказ)лари ташкил этилиши мумкин.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлиги бўлимлари объектда иккита ва ундан зиёд ёнғин-қутқарув қисмлари ва/ёки ёнғин назорати ва профилактика бўлинмалари мавжуд бўлган ҳолатларда ташкил этилади.

Ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари объектда битта ёнғин-қутқарув қисми ва/ёки ёнғин назорати ва профилактика гуруҳи мавжуд бўлган ҳолатларда ташкил этилади.

Ёнғин ўчириш деполарининг жойлашуви туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда шаҳарсозлик соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда қуриладиган ёнғин ўчириш деполарининг жойлашуви амалдаги стандарт, норма ва қоидалар асосида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда лойиҳа ташкилотлари ёки манфаатдор ташкилот (буюртмачи)лар томонидан белгиланади.

Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги Ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин ўчириш, қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларининг сони, тури ҳамда йиллик моторесурс лимитлари стандарт, меъёр, қоида ҳамда вазирликнинг идоравий меъёрий ҳужжатлари асосида белгиланади.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин ўчириш, қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларининг сони, турини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда лойиҳа ташкилотлари ёки манфаатдор ташкилот (буюртмачи)лар томонидан белгиланади.

Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини сақлаш харажатлари:

Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобига;

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари – тузилган шартномаларга мувофиқ ушбу ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Шунингдек, шартномага мувофиқ сақланадиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган бўлинмалар учун белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида таъминланади (икки томонлама тузилган шартномага мувофиқ бериладиган қўшимча имтиёзлар бундан мустасно).

Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги Ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун бинолар ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш харажатлари, ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар бундан мустасно, тегишли йилга Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурида назарда тутилган марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун бинолар ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ушбу ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Ёнғин ўчирувчи деполарнинг бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш ва уларни жиҳозлаш, Ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин техникаси, автотранспорт ва ёқилғи-мойлаш материаллари, махсус кийим-бош, алоқа воситалари, диагностика аппаратлари, инвентарь ва ёнғин-техник мол-мулк, ташкилий техника, эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари сотиб олиш:

Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобига;

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари – тузилган шартномаларга мувофиқ ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Бошқарув органларининг тасдиқланган штатларига давлат ёнғин назоратини амалга ошириш ҳамда ёнғин-қутқарув қисмларига раҳбарлик қилиш учун қўшимча лавозимларни киритиш тегишли равишда, ёнғин-қутқарув қисмларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида, бироқ ушбу бўлинмалар штатларининг тасдиқланган умумий сонининг тўрт фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилади.

Манба: kun.uz