Президент Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисидаги қонунни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳисоб палатаси тўғрисидаги қонунни имзолади.

Қонунга мувофиқ, Ҳисоб палатаси давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органидир.

Ҳужжатда белгиланишича, Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • Давлат бюджети лойиҳаси шакллантирилишининг ва унинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларига мувофиқлигининг тизимли таҳлилини амалга ошириш;
  • қабул қилинаётган давлат дастурларининг ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини амалга ошириш;
  • бюджет тизими бюджетларига ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларга маблағлар тушумларининг тўлиқлигини ўрганиш ҳамда назорат қилиш;
  • бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадларини кўпайтириш захираларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали аниқлаш ҳамда сафарбар қилиш; 
  • бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг амалга оширилаётган харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлигини аудитдан ўтказиш, бу харажатларни барча даражаларда қисқартириш имкониятларини аниқлаш;
  • бюджет тизими бюджетлари маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ҳамда асослилигини баҳолаш; 
  • солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, тизимли қоидабузарликлар сабабларини, шунингдек халқаро тажрибани умумлаштириш ҳамда ўрганиш орқали бюджетни режалаштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасидаги нисбатнинг мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромадларга оид ваколатлари ҳамда харажатлар бўйича мажбуриятлари чегараланишининг тўғрилигини баҳолаш, уларнинг ўзини ўзи молиявий жиҳатдан етарлича таъминлашига доир таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистон президентининг қарорлари ва топшириқлари, шунингдек Ўзбекистон президентининг хорижий давлатларга ва чет давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари давомида имзоланган ҳужжатларнинг ҳамда стратегик аҳамиятга молик хўжалик жамиятлари ва корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;
  • Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит ва валюта сиёсатини, Ўзбекистон Республикасининг активлари ҳамда мажбуриятлари ҳолатини, олтин-валюта захираларининг бошқарилишини, шунингдек қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга оширилаётган операцияларни ташқи аудитдан ўтказиш.

Ушбу қонун билан Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этиши ҳамда уларни бажариши шартлиги белгилаб қўйилди.

Қонун талабларини аниқ бажаришдан ва уларга риоя этишдан ҳар қандай тарзда чекиниш, бунинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, қонунийликнинг бузилишидир ва у белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳисоб палатаси ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади. 

Ҳисоб палатаси фаолиятига давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг аралашуви тақиқланади.

Ҳисоб палатаси фаолиятини текшириш Ўзбекистон президентининг қарорига биноан амалга оширилади.